Бугунги глобал маконда халқаро ҳамкорликнинг таъминланиши дунёда тинчликни сақлаш, ёшларимиз онгида бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш, уларнинг ўз фаолиятларида айнан шу умуминсоний фазилатларга амал қилишига эришиш омили сифатида долзарб аҳамият касб этмоқда.
XXI асрдаги табиий ва ижтимоий муаммолар, техноген тараққиётнинг баъзи салбий оқибатлари одамларда муайян бегоналашув ва индивидуаллашувни шакллантирмоқда. Ушбу бегоналашувнинг олдини олиш инсониятнинг инсонийлигини сақлаш ва асраш учун дунё интеллектуал элитасининг бирлашиши, фикр алмашишини тақозо қилмоқда.
Ҳозирги кунда бир томондан иқтидорли ёшлар ўзининг фан, спорт, ишлаб чиқариш соҳасидаги ютуқлари билан миллатимизнинг шаънини ҳимоя қилаётган бўлса, иккинчи томондан айнан баъзи ёшлар ўзининг турли экстремистик гуруҳларга қўшилаётгани, катта ва кичик жиноятлар содир этаётганлиги билан оила ва ватан шаънига иснод келтирмоқда. Шу боис, олий таълим муссасаларида кадрлар тайёрлаш жараёнида, уларнинг дунёқарашларида гуманистик тенденцияларни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Дунёда рақамли технологияларнинг ривожланиши бир томондан, дунё маконида мустақил давлатларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий эркинлигини таъминланишининг кафолати сифатида ривожланмоқда, иккинчи томондан ягона дунё халқларининг умумий фаровонлигига эришиши учун ягона иқтисодий маконни яратишни тақозо этмоқда. Бу эса, сиёсий хушёрлик ва ҳамкорликнинг янги механизмларини шакллантиришнинг зарурлигидан далолат бермоқда.
“Глобал ҳамкорлик – барқарор ривожланиш шарти ва кафолати” мавзусидаги халқаро конференция материаллари айнан шу жараёнларнинг таҳлилига бағишланган бўлиб, унда олимларнинг ижтимоий тараққиётнинг ижобий натижаларига баҳо бериш билан бир қаторда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва фикр мулоҳазалари ҳам баён этилган. Конференцияда глобаллашув даврида узлуксиз таълим, гендер тенгликда ижтимоий адолат масалалари, тарих фалсафаси, фалсафа тарихи, фуқаролик жамияти шаклланиш шароитида глобаллашув ва барқарор ривожланишнинг ўзаро алоқадорлиги, ижтимоий ва маънавий ҳаёт, экологик муаммолар, медиа ва ахборот технологияларининг ўзаро алоқадорлигининг устувор йўналишлари таҳлилига бағишланган 150 га яқин илмий мақолалар жамланган. АҚШ, Финландия, Канада, Польша, Россия, Азербайджан, Тожикистон, Козоғистон, Кирғизистон, Туркия каби мамлакатларнинг олимлари, тадқиқотчилари иштирок этган. Олимларнинг илмий мулоқоти, ғоялар тўқнашуви, келажак мўлжаллари баён этилган ушбу тўплам ҳақидаги фикр мулозаҳаларингизни кутамиз.