Ислом динида гендер тенглиги муаммолари
Сир эмас, бугунги бизнинг жамиятимизда эр-хотин ёки гендер муносабатларини мустаҳкамлаш долзарб масалалардан биридир.«Ажрашишлар сони кўпайган, фарзандларнинг «тирик етим» қолиш ҳолатлари ҳамон оз эмас. Хонадонлар файзи, фарзандлар тарбиясига масъул, оила чароғбони бўлган аёллар бозор иқтисоди сабаб кўчага чиқиб, тижорат билан шуғуллана бошладилар. Бири муҳтожликдан шунга мажбур бўлса, бошқа бири ўткинчи ҳой-ҳаваслар, қаноатсизлик боне бу йўлга кираётгани аниқ. Бу борада эркакларнинг аҳамиятсизлиги ҳам катта сабаблардан биридир». Қандай фаолият тури билан шуғулланиш ҳар бир кишининг ҳуқуқидир. Тўғри, аёллар тижоратда иштирок этса буни қоралашга бизда асос йўқ. Лекин, бугун аёлларнинг хорижга кетиб ишлаши кўпаймоқда. Аёлнинг, онанинг, рафиқанинг оиладан узоқлашиши, фарзандлар тарбияси ва маънавиятига, оилавий муносабатларга, фарзандлар тарбиясига акс таъсир этаётганлиги ташвишли ҳолатдир. Шу ўринда яна бир таъсири кучли, аммо оқибати жуда ёмон бўлган бошқа бир сабабни ҳам юзага келтирмоқда. У ҳам бўлса Аллоҳ таолога итоатсизлик, илмсизликдир. Эр ҳам, хотин ҳам ўзининг шаръий вазифаларини билмаслиги, адо этмаслиги билан боғлиқ. Оқибатда фарзандлар тарбияси чала-ярим, қусурли бўлиб қолишига, уларнинг бемеҳр, оқибатсиз бўлиб улғаяшига сабаб бўлмоқда.