Мазкур мақола такрор стилистик воситасининг турли тил сатҳларидаги структур-семантик таснифи ва уларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлашга бағишланган. Тил – маданият кўзгуси, унинг асосида нафақат инсон атрофидаги реал дунё, нафақат инсон ҳаётининг реал шарт-шароитлари, балки, бутун бир халқнинг ижтимоий ўз-ўзини англаши, унинг менталитети, миллий характери, ҳаёт тарзи, анъаналари, урф-одатлари, руҳияти, қадриятлар тизими, дунёни ҳис этиши, дунёқараши ўз аксини топади. Тил – маданият воситаси, қуроли. У тил соҳибининг лисон билан бевосита боғлиқлиги орқали унинг замиридаги дунёқарашни, менталитетни, инсонлар билан мулоқотни, яъни миллат маданияти орқали, шу бирга, алоқа бирлиги сифатида фойдаланилаётган мазкур тил воситасида инсон шахсиятини шакллантиради. Инсоний фаолиятнинг бир кўриниши сифатида тил маданиятнинг таркибий қисми ҳисобланиб, инсон ҳаётининг ишлаб чиқаришга оид, ижтимоий, маънавий каби жабҳаларидаги инсоний фаолиятнинг умумий натижаси сифатида аниқланади. Аммо тафаккур оламининг шакли сифатида, энг муҳими, муомала бирлиги сифатида тил маданият билан ёнма-ён туради. Айнан тилнинг ёрдами билан алоҳида шахслардан олинган билимлар бир-биридан фарқли бир неча тажриба ва билимларнинг турли-туманлигига қарамасдан, бир халқ ва бир маданият кишиларининг бир-бирларини тушунишлари имконини берадиган жамоа тажрибасига айланади. Инсон қадимдан атроф муҳитда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдирган. Бу муносабат, аввало, турли хатти-ҳаракатлар, овозлар, эҳтирослар воситасида амалга ошган. Кейинчалик ҳис-туйғуларни сўзлар, сўз йиғиндиси, рақслар ифодалаган. Яна кейинроқ одамлар ўзларича дунёнинг, табиатнинг, ҳайвонлар, ўсимликлар, тоғлар, сувларнинг пайдо бўлишини изоҳловчи тўқима ҳикоялар ўйлаб топадилар. Йигитлар, қизлар муҳаббат қўшиқларини тўқийдилар. Қабила-уруғнинг мард ва жасур йигитлари ҳақида, уларнинг ғаройиб қаҳрамонликлари ҳақида афсона ва ривоятлар пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммаси ҳали ёзув маданияти вужудга келмасдан олдин жамоа-жамоа бўлиб яшаётган аҳоли ўртасида шуҳрат топади. Бугунги кунда биз уларни “халқ оғзаки ижоди” деб аташга одатланганмиз. Тил, маданият ва фольклорнинг уйғунлиги доимо изланувчилар эътиборини тортиб келган.
Мақолада араб тилининг хорижий тил сифатида ўқитилишининг ўзига хос жиҳатлари, тил таълимидаги замонавий инновацион ёндашувлар ҳамда адабий тил ва сўзлашув лаҳжалари масалалари ёритиб берилган. Араб адабий тили бу тилнинг энг мақбул ва соф версияси ҳисобланади. Одатда, бу тил аҳолининг асосий қисми сўзлашадиган тил эмас, чунки одамлар доимо унинг турли кўринишларини кашф қилишади. Тил шевалари маҳаллий аҳоли гуруҳларига хос бўлиб, ёзма шаклда сақланмасдан, оғзаки равишда ўтиб боради. Бу омил ҳам араб тилини хорижий талабаларга ўргатишда ўзига хос қийинчиликларни юзага келтиради. Араб тилини ўргатиш усуллари билан биргаликда араб тилини коммуникатив ўрганиш усули араб тилини самарали ўзлаштиришда асосий аҳамиятга эга. Грамматикани ўрганиш муҳимдир, бироқ ўрганувчи грамматикани тўлиқ билиши, лекин сўзлай олмаслиги мумкин. Шунинг учун ушбу икки усул ҳам катта аҳамиятга эга. Тил бу маданий ҳодисадир, шунинг учун ҳар бир мамлакатнинг маданий-тарихий мероси унинг тилига боғлиқ. Бу эса, ўз навбатида, миллат, мамлакат ва умуман, жамият ривожланишига ёрдам кўрсатади. Инсон, энг аввало, мулоқот қилувчи зотдир, шу боис, ривожланишимиз ва комил бўлишимиз учун бир-биримизни тушуниш қобилиятига эга бўлишимиз даркор.
Мақолада тилшуносларнинг доимо диққат марказида бўлган нутқ маданияти масалалари, замонавий нутқ маданияти аспектлари атрофлича назарий жиҳатдан таҳлилга тортилган.Учта муҳим тушунча ватан, тил ва маданият буларсиз тараққий этган мамлакатда яшовчи халқ бирлигини тасаввур қилиб бўлмайди. Жаҳон тилшунослиги тилни ўрганиш борасида уни ёпиқ тизим эмас, балки ҳаракатдаги тизим сифатида, яъни жамият, тафаккур, маданият, сиёсат, мафкура, дин каби соҳалар билан боғлиқ тарзда ўрганиш лозимлигини кўрсатди. Тил ҳақидаги фаннинг турли соҳалар билан боғланиши унинг янгидан-янги хусусиятларини кашф этишда кенг имкониятларни очиб беради. Нутқ маданияти таълимоти тилнинг адабий ва адабий бўлмаган шакллари, статик ва динамик ҳолати, унинг функционал турлари ҳақидаги қарашларнинг яратилиши билан бирликда ривожланиб борди. Нутқ маданиятининг замонавий концепцияси – меъёрийлик, коммуникативлик, аҳлоқий принципи ва риторик канон маданий нутқнинг асосий хусусияти бўлиб, уларнинг бари тилнинг сайқаллашуви ва ривожланишида жуда муҳим роль ўйнайди. Нутқни маданий кўринишда такдим этиш учун зарур тил воситаларини танлаш ва қўллаш кўникмаларини ишлаб чиқиш, уларга нисбатан онгли муносабатни шакллантириш, белгиланган меъёрларга риоя қилиш талаб этилади.
Ҳар қандай тил тўрт кўникмадан иборат (тинглаш, гапириш, ўқиш, ёзиш) ва араб тилида сўзлашмайдиган араб тили ўқитувчиларининг даражаси араб тилини ўрганишга имкон беради. Ушбу тадқиқот чет тилида сўзлашувчилар учун араб тилини ўқитишда ва ўрганишда тил кўникмаларининг аҳамияти ҳақида. Мазкур тадқиқот иши араб тилида сўзлашмайдиган араб тили ўқитувчиларига қаратилган бўлиб, тилни ўргатишда тил кўникмаларининг аҳамияти, шунингдек, ўқитувчи билан ўқувчи ўртасидаги ўзаро муносабат, ўқитиш усулларини қўллаш ва тил ўқитиш воситаларидан фойдалана олиш каби масалаларни ёритиб беради. Тил кўникмаларининг ўқутувчи ва ўқувчи ўртасида намоён бўлиши, ўқувчининг эҳтиёжлари ва ўқитувчининг маҳорати ҳақида ҳам сўз юритилади. Тадқиқотчи Тошкент давлат шарқшунослик институтининг Шарқ тиллари факультети араб тили кафедрасида олиб борган ўз изланишлари ва араб тили ўқитувчилари дуч келадиган баъзи муаммоларни аниқлаш жараёнига таянган ҳолда араб тилини ўргатиш ва ўрганишга ёрдам берадиган маълумотларни кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилади. Шу сабабли айтиш мумкинки, араб тилини билиш ва уни ўқитиш қобилияти бор билимларни ривожлантириш ҳамда тилни билмай-диганларга араб тилини ўргатиш учун ўқув дастурларини ишлаб чиқишда жуда кераклидир. Албатта, тил кўникмаларидан дарс жараёнида самарали фойдаланиш ва ўқувчиларни тил кўник-маларани билишга жалб қилиш тилни ўрганиш ва ўқитишда муҳим саналади.
Мақолада ахборот-коммуникация технологияларидан ҳарбийлашган таълим муассасаларидаги бўлажак офицерларига хорижий тилларнинг коммуникатив малакасини эгаллашга ёрдам бериш воситаси сифатида фойдаланиш таҳлили, назарий асослари ва эмпирик синов натижалари келтирилган. Тил ўргатишда қўлланиладиган АКТнинг кенг кўлами ҳамда курсантларнинг тил ўрганиш жараёнига АКТни интегратсиялашувининг мантиқий асослари келтирилди. Ҳарбий ўқув муҳитида АКТ самарадорлигини текшириш мақсадида педагогик тажриба ўтказилди; унинг топилмалари тасвирланган. Ҳарбий олий таълим муассасасида тил ўрганиш жараёнида АКТдан фойдаланиш самарадорлигини исботлади, натижада курсантларнинг тил билиши, касбий тайёргарлиги ва умумий академик кўникмалари. АКТни татбиқ этиш курсантларнинг тил ўрганишга бўлган муносабатига таъсир кўрсатувчи кучли мотиватсияни таъминлашда ва уларнинг мустақиллиги, ижодий ва когнитив қобилиятларини ривожлантиришда муҳим рол о'йнади. Бўлажак офицерлар она тилида сўзлашувчилар, ҳамкасблари ёки ҳарбий экспертлар билан ўзаро алоқа қилиш ва ҳақиқий алоқани сақлаб қолиш, видео чатлар ва видео қўнғироқлар орқали халқаро лойиҳаларда иштирок этиш қобилиятини айниқса илҳомлантирувчи ва ёқимли тажриба деб топдилар. АКТни интегратсиялашнинг яна бир афзаллиги курсантларнинг индивидуал таълим услубига қараб мавзуни турли йўллар билан тақдим этиш имкониятидир. Расм, видео, мултимедиа тақдимоти, инфографика каби кўргазмали қуроллардан фойдаланиш курсантларни ўқишга қизиқтирди, расмлар, графикалар, иллюстратсиялар, аудио ва видеолар билан тасвирланганда матнларни тушунишни осонлаштиради. Технология курсантларга ўқиш жараёни устидан кўпроқ назорат ва синфда ҳамкорлик қилиш учун кўпроқ эркинлик берди.
Мазкур мақола Япония маданияти ва япон тилига бағишланган бўлиб, бугунги кунда замонавий тилшуносликда халқларнинг дунё манзараси ва тил манзараси масалалари бўйича тадқиқотларга бағишланган. Турли тиллар ва маданиятлар, хусусан, япон тили ва маданияти бўйича мазкур масалаларнинг ўрганилиши юзасидан кўплаб фактик материал тўпланган. Шу билан бирга, ҳар бир тил ва маданият бўйича алоҳида олинганида қайси омил етакчи бўлиши ҳақида, яъни қачон тил инсонлар ахлоқига таъсир қилиши, ёки аксинча, қайси ҳолатда тил хусусиятлари ҳаёт шарт–шароитларидан келиб чиқиши масаласида ҳам аниқ бир қараш йўқ. Дунёнинг япон тили манзарасини тадқиқ этиш масаласи борасида илк қадамлар ташланмоқда, аммо бу йўналишда ҳам турлича ёндашувлар юзага келганлиги ҳақида батафсил ёритилган.
Тилшуносликда лексикология ҳақидаги қарашлар сўз маъносининг тадқиқоти билан боғлиқдир. “...таржиманинг лингвистик таҳлили лисоний ва нутқ омилларини қамраб олади. Таржимани ўрганишда интеграл, таркибий-функционал ёндашув замонавий тилшуносликнинг ривожланиш тендентсиясига мос келади, бу унинг субъектини “ички тилшунослик” соҳаси билан чеклашдан бош тортиши ва тилни “фаолият шакли” деб ҳисоблаши билан тавсифланади” . Оламдаги нарса, воқеа-ҳодиса, хатти-ҳаракат инсон тафаккурида тушунча сифатида акс этади. Тушунча эса маъно яхлитлиги ва фаолият шакли билан намоён бўлади. Тил борлиқни ифодалайди. Борлиқ ва тил бир бирига ўзаро узвий боғлиқдир. Айнан мана шу икки тушунча заминида ва ўзаро алоқасига бўлган ёндашув бўйича бир қанча йўналишлар вузжудга келган. Баъзи тилшуносларнинг фикрича тил ва борлиқ ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, тил объектив оламни ифодалайди. Баъзилар эса тил ва борлиқ алоҳида тушунча эканлигини қайд қилишади. Улар ҳайвонлар билан суҳбатлашиш ёки бўлмасам тўқима образлардаги сув париси, дев каби афсонавий иборалар яъни тушунчалар борлиқда йўқ аммо у тилда ифодаланади.
Ушбу мақолада социолингвистика атамасининг ҳозирги замон тилшунослигидаги маънолари, социолингвистикага оид муаммолар, ривожланиш тарихи ва социолингвистик тадқиқотларга қизиқишнинг кучайиб бораётганлиги сабаблари очиб берилган. Шунингдек, социолингвистиканинг турли давлатлардаги давлат тили билан боғлиқ муаммолар ва миллатлараро тиллар аралашувини ўрганишдаги аҳамияти ёритилган.
Ушбу мақолада муҳожирларнинг фарзандлари тил ва маданий интеграцияси амалга ошаётган Германиянинг ҳозирги тил сиёсатининг муҳим саволларидан бири кўриб чиқилган. Интеграцияни маданий жиҳатдан ҳам гапириб ўтилади. Немис тилини билиш ва интеграциянинг имкониятлари бевосита боғлиқ ҳолдаги жараёндир. Германия 2015–2016 йилда содир бўлган миграция инқирозидан сўнг бу муаммо долзарб аҳамият касб этган. Ўша давр оралиғида мамлакатга 1,139 млн. қочоқлар келган эди. Мигрантларнинг кўп сонлилиги ҳозирги немис адабий тилининг бузилишига, сўзлар маъносини нотўғри талқин қилиниши ҳолатида турибди.Бу ҳолатга мисол тариқасида асли туб аҳолининг Яқин Шарқдан келган “биродарларга” тақлид қилиши жараёнини келтириш мумкин. Германия ёшлари, жумладан, немислар қочоқларнинг шевасини кўчиришга мойилдирлар. Қочоқлар эса катта қизиқиш ила соф немис акцентини ўрганмоқда. Тилдаги фарқдан ташқари яна маданий ва диний фарқлар ҳам мавжуд. Маданиятлардаги ўзига хослик бунга яққол мисол бўлади. Германия ҳукумати олдида аҳоли ҳаётининг янги жабҳаларига доир қўшимча муаммолар пайдо бўлмоқда. Муҳожирларнинг улкан оқими иқтисодий барқарорликнинг парчаланишига замин бўлиб, унинг маданий ва сиёсий ҳаётига хавф солмоқда Даромад солиғининг оширилиши ва бунинг ҳисобидан қочоқларнинг мамлакатга келиши ҳамда барча керакли анжомлар ва қулайликлар билан таъминланиши немислар норозилигининг асосий сабаби бўлиб хизмат қилмоқди. Шунинг билан бирга, немислар учун ноқулайликлардан яна бири бу – Ислом дининиг тарқалишидир. Бугунги маълумотлар “уммони”да Ислом динини нотўғри ракурсдан намойиш қилиш борасида мисоллар етарли даражада кўп. Бу, албатта, қочоқларнинг янги давлатдаги интеграция жараёнига ёмон таъсир ўтказмасидан қолмайди. Мамлакатга доимий яшаш учун келган катталар ва болаларнинг тил ўрганиш интеграцияси давлат даражасидаги масалага айланмоқда. Бундай баҳсли ҳолатларда шу нарсага эътибор қаратиш лозимки, ГФРда кўплаб миллатларнинг биргаликда бирданига яшаб кетиш жараёни қийин кечади. Мақолада Германия ҳукуматининг тил масаласидаги танг ҳолатни самарали ечимлар билан ҳал қилиши масаласи ўрганилади.
Бугунги кунда ўзбек ва хитой халқлари орасидаги турли соҳалардаги ўзаро муносабатлар адабий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ва кенг кўламда ривожланишига ҳам хизмат қилмоқда. Хитой ва ўзбек тилларида жонли нутқда фаол қўлланиб келинаётган феъл фразеологизмлар тадқиқи иккала тилни баробар ўрганиш ва унинг нозик хусусиятларга эга бўлган фразеологик қатламини илмий ўрганиш ҳам муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади. Маълумки, фразеологизм тилнинг бошқа одатий сўзлардан фарқ қилиши ва алоҳида адабий тил меъёрларига эга яхлит, шунингдек ўзининг келиб чиқиш тарихига эга бўлинмас турғун бирикмалардир. Хитой ва ўзбек тиллари турли тил оилаларига тегишли бўлгани боис ундаги лексик-фразеологик бирликлар келиб чиқиш нуқтаи назаридан фарқлилик касб этади ва бу икки тил орасида бадиий асарларни таржима қилишда таржимондан ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Шунга қарамай фразеологик бирликлар жуда кўп ўхшаш хусусиятларга ҳам эга. Шу билан бирга мақолада жаҳон тилшунослигида тадқиқот ишлари тарихий-қиёсий, систем-структур ҳамда антропосентрик йўналишларда кенг кўламда олиб борилаётганлиги тил тараққиёти, унда юз берадиган ўзгаришларни тадқиқ қилиш имкониятига эга эканлиги, ҳар бир миллий тилда учрайдиган лексик-стилистик, фразеологик ва грамматик бирликларни қиёсий аспектда ўрганиш орқали қиёсланаётган тилларнинг ўзига хос равишда тизимлаштириш, ҳар иккиси учун умумий ва фарқли жиҳатларни аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилган. Ушбу мақолада чиқарилган хулосалар таниқли олимларнинг бу борадаги назарий фикрлари билан тасдиқлашга ҳаракат қилинади.
Замонавий тилшуносликнинг янги тармоғи бўлмиш лингвомаданият-шунослик тилни нафақат билиш воситаси, балки миллатнинг маданий коди сифатида ўрганади. Олимларнинг инсон она тили призмаси орқали дунёни фарқли кўради деган ғояси тадқиқотчиларда янгидан янги кўпгина тадқиқотларга қизиқиш уйғотмоқда. Лингвомаданиятшунослик фанида маданий ахборот ташувчи тил бирликлари орқали тадқиқ қилинар экан, бундай тил бирликлари лингвомаданий бирликлар термини остида бирлашади. Масалан, реалия, эталон, концепт, лакуналар, стереотиплар, нутқий этикетлар лингвомаданий бирликлар ҳисобланади. Оламнинг лисоний манзарасини, маданиятнинг асосий концептлари мажмуи бўлган концептосферани, лисоний онгни тавсифлаш ҳамда тил эгаларининг миллий-маданий менталлигини акс эттирувчи лисоний бирликларни, нутқий мулоқотга хос бўлган миллий ижтимоий-маданий стереотипларни аниқлаш лингвомаданиятшуносликнинг асосий вазифалари ҳисобланади. Маданият трансферининг таржима матнида намоён бўлишини ўрганишда лингвомаданиятшунослик нуқтаи назаридан ёндашиб таҳлил қилиш, тадқиқотда халқ тафаккури, унинг оламни идрок этишидаги ўзига хос жиҳатларини тилда акс этишини ўрганишга ёрдам беради. Бадиий асар таржима қилинганда, ундаги ғоялар, миллатнинг дунёқарашини акс эттирувчи омиллар ҳам таржима матнида рецепторга хос акс этади. Ҳар бир тил ўзи билан ўша миллат маданиятини акс эттиргани каби, таржима китобхони ҳам асарни ўз тилида ўқир экан, баъзи иборалар ўқувчини ўз маданияти нуқтаи назаридан асарни идрок қилишга, тасаввур қилишга ундайди. Яъни биргина матн турли халқлар, миллат нуқтаи назаридан турлича англаниши ва талқин қилиниши мумкин. Чунки, инсон яшаб турган табиати, маданияти, урфодати, дини каби факторлар унинг фикрлар, тушунча ва тасаввурлар дунёсини шаклланишига туртки бўлади. Таржима матнида асл матнда учрамайдиган маданий бўёқдор сўзларнинг қўлланилиши таржима матнининг маданий трансфер бўлганлигини бир омили саналади. Бу таржимон томондан онгли равишда асл матндаги жумла ғоясини етказиш учун қўллаган усули бўлиши билан бирга, таржима асари китобхонига тушунарли бўлишини таъминлаш учун танланган усул бўлиши ҳам мумкин. Икки танловдан ҳар қайсиниси бўлмасин, икки хил усулда ҳам энг бош фактор маданият ҳисобланиб, таржима матнида маданият трансферини акс эттиради. Асардаги қаҳрамоннинг руҳий-эмоционал ҳолатини тасвирлашда таржима тили миллати маданиятига оид сўзларнинг қўшиб ифода қилиниши руҳий экспрессивликни таъминлаб берса, иккинчи томондан маданий бўёқдор сўзлар юзасидан таржима матнини ўқиш жараёнида китобхонда ўзбекона ассоциацияларнинг шаклланишига туртки бўлади.
Бутун борлиқни, дунё ҳақидаги тасаввур ва тажрибаларимизни тил орқали ифодалаймиз. Дунё ўзини тилда намоён қилади. Шу маънода тил ижтимоий ҳодиса сифатида инсонга ахборот алмашиш имконини беради. Ҳуқуқ ҳам ижтимоий ҳодиса сифатида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлигини белгилаб, жамиятдаги ижтимоий муносабатларни бошқариб боради. Ҳуқуқ ва тил ўртасидаги муносабатларни англаш ниҳоятда мураккабдир. Чунки улар мустақил соҳалар бўлса ҳам, бир-бири билан узвий боғлиқдир.
Мақолада Х1-ХП–асрларда яшаган аллома Юсуф Хос Ҳожибнинг фалсафий-дидактик асари "Қутадғу билиг" ("Саодатга элтувчи билим") асарида сўз, тил одоби ва ахлоқий қарашлари таҳлил этилган. Туркий ёзма адабиётнинг илк йирик обидаси, туркий халқлар дидактик фалсафасининг ўзига хос кўриниши бўлган “Қутадғу билиг” асари ўз даврининг илғор ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий масалалари, туркий халқлар тарихи, маданияти, илм-фани, урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзи, қадриятлари хусусида батафсил маълумот беради. Поэтик усулда ёзилган ушбу асар мавзулари ғоят кенг қамровли, мазмундор бўлиб айниқса инсон, унинг ижтимоий моҳияти, тафаккури, ахлоқига оид масалалар образли, бадиий юксак мисралар, шеърий ҳикматлар вамақоллар орқали баён этилган. Мутафаккирнинг асаридаги рамзлар, тимсоллар орқали инсон ва имон-эътиқод, инсон ва жамият, инсон ва бурч каби масалалари сўз ва тил одоби билан алоқадорликда таҳлил этилган ва замонавий аҳамияти кўрсатилган.
Диаспора адабиёти замонавий адабиётшуносликнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб, мазкур йўналишда ёзилган асарлар ўзига хос спецификалар асосида таҳлил қилиниш заруратини кўрсатади. Мазкур тадқиқотда диаспорада ижод қилувчи ёзувчиларнинг бадиий асарлари ўрганилиб, уларнинг умумий жиҳатлари тадқиқ қилинди. Тил ва маданият тўқнашуви, биографик метод тамойиллари ҳамда замон ва макон мутаносиблиги диаспора адабиётининг учта асосий хусусияти ҳисобланади. Илмий манбаларда “диаспора” ва “экспатриант” синоним тушунчалар сифатида келтирилади, аммо мазкур терминлар моҳияти жихатидан бир-биридан фарқ қилиши мисоллар ёрдамида изоҳланган. Афғонистонда туғилган америкалик ёзувчи Холид Ҳусайний ижодини айнан мазкур диаспора адабиёти спецификаси нуқтаи назаридан таҳлил қилинса, ёзувчи асарларининг бадиий ўзига хослиги намоён бўлади. Тадқиқот объекти сифатида ёзувчининг “Шамол ортидан югуриб”, “Минг қуёш шуъласи” ва “Тоғлар ҳам садо беради” романлари танланган бўлиб, ушбу романлар тадқиқотчи томонидан ишлаб чиқилган диаспора адабиётининг учта асосий хусусиятлари асосида таҳлил қилинади. Шу билан биргаликда диаспора адабиётида тил бирламчи хусусият эканлигини назарда тутган ҳолда, бошқа тадқиқотлардан фарқли ўлароқ Афғон диаспора адабиёти ёзувчилари икки категорияга яъни инглиз тилида ва форсийда ижод қилувчиларга ажратилди. Инглиз тилида ижод қилувчи Холид Ҳусайний асарларида тасниф этилган диаспора хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ёзувчи миллати ва ватанининг муаммоларини умумбашарий даражада тасвирлайди ҳамда афғонлар ҳам бошқа миллат вакиллари сингари тинчлик ва фаравонлик исташларини бадиий чизгилар асосида исботлайди. Шунингдек, ёзувчи ижодида шарққа хослик етакчилик қилишини инглиз тилида ёзилган асарларида араб, форс ва туркий тил намуналарини салмоқли қўллаши билан баҳолаш мумкин. Эътиборли тамони шундаки, ёзувчи шарқ алломаларининг фикрлари ва шоирларининг байтларини қўллаши билан асар руҳиятини шарқона пафосга кўтара олади, бу ўз ўрнида инглиз тилини била туриб ўз маданиятидан бебаҳра вояга етаётган диаспора вакилларининг отабоболари қандай буюк тамаддун иштирокчилари эканлигига ишора қилади.
Тадқиқот объекти: рус ва қорақалпоқ тилларининг консонантизм тизимлари ва артикуляцион ўтиш типлари.
Ишнинг мақсади: ундошларнинг ҳосил бўлиш ўрнига кўра артикуляцион ўтишлар ва уларни тўлдирувчи икки аъзоли консонант бирикмаларнинг рус ва қорақалпоқ тилларида сифат ва миқдор хусусиятлари жиҳатдан ундошларнинг қаттиқ-юмшоқлигини (рус тилида) ва сингармоқаттиқ-сингармоюмшоқлигини(қорақалпоқ тилида) ҳисобга олган ҳолда ўхшашлик ва ноўхшашлик томонларини очиб бериш.
Тадқиқот методлари: лингвистик тасвир методи, компонент таҳлил методи, қиёсий метод, лингвостатистик таҳлил методи.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: 1) илк бор рус ва қорақалпоқ тилларида просодик доминантлар: урғу (рус тилида) ва сингармонизмни (қорақалпоқ тилида) ҳисобга олган ҳолда ушбу тилларнинг қиёсий тадқиқоти амалга оширилди; 2) рус тилининг ундош фонемалари ва қорақалпоқ тилининг сингармофонемалари товушлар ва сингармотовушлар мажмуаси сифатида қиёсий таҳлилга тортилди; 3) ҳосил бўлиш ўрнига кўра артикуляцион ўтишлар ва уларни тўлдирувчи икки аъзоли консонант бирикмалар рус тилида ундошларнинг қаттиқ-юмшоқлигини, қорақалпоқ тилида эса сингармоқаттиқсингармоюмшоқлигини ҳисобга олган ҳолда сифат-миқдор жиҳатдан таҳлил ўтказилди; 4) ундошларнинг ҳосил бўлиш ўрнига кўра артикуляцион ўтишлар ва икки аъзоли консонант бирикмалар тўлдирилиши, қўлланиш сурати, эквивалентлиги ва ноэквивалентлиги нуқтаи назаридан қиёсий таҳлил қилинди.
Амалий аҳамияти: тадқиқот материаллари олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнида рус, қорақалпоқ, қиёсий тилшунослик фанлари бўйича маъруза ва семинар машғулотларини тайёрлаш ва ўтказилишида, фонетика ва фонология фанларидан дарслик ва услубий қўлланмалар яратишда ҳамда махсус луғатлар тайёрлашда фойдаланилиши мумкин.
Татбиқ этиш даражаси: тадқиқот натижалари Қорақалпоқ давлат университети ва Нукус давлат педагогика институти факультетларида “Қиёсий тилшунослик”, “Рус тили”, “Қорақалпоқ тили” фанлари бўйича ўқув дастурларида амалиётга жорий қилинди.
Қўлланиш соҳаси: қиёсий тилшунослик, рус ва қорақалпоқ тилларининг фонетикаси ва фонологияси, қорақалпоқ талабаларини рус тилига ўргатишда ва рус талабаларнинг қорақалпоқ тилини ўрганишида қўлланилади.
Ушбу илмий мақола инсон қиёфаси ва характер хусусиятларини беришда ҳайвон ёки ўсимликлар номларидан фойдаланиш масалаларига бағишланади. Зооним ёки фитонимлар орқали инсон қиёфасини ифодалашда тил имкониятларининг кенглиги кўриб чиқилади. Турк тилида зоонимлар ва уларнинг ўзбек тилидаги муқобили берилган. Ҳайвон образлари орқали инсон қиёфасини акс эттириш, уларнинг характерларини очиб беришда тилнинг сўз бойлигига эътибор қаратилади.