Мазкур мақола XIX аср - XX аср бошларида сайёҳлар, элчилар, дипломатик амалдорлар, тадқиқотчиларнинг асарларида Бухоро амирлиги билан Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ёритилиши масаласи ўрганиб чиқилади ва маълумотлар таҳлил қилинади. Хусусан, 1825 йил «Азиатский Вестник» журналида босилиб чиққан Габайдулла Амировнинг мақоласида ўша даврдаги Бухоро-Афғонистон савдо алоқаларининг муҳим томонлари, Афғонистондаги савдо марказлари бўлган Ҳирот, Кобул каби шаҳарларда бошқа шарқ давлатларининг савдогарлари билан бир қаторда бухоролик савдогарларнинг фаолиятлари кўриб чиқилади. Ишда 1820-1821 йилларда Бухоро амирлигида бўлган А.Ф.Негри бошчилигидаги экспедиция вакилларидан табиатшунос Е.К.Мейендорфнинг асари кўриб чиқилади, унда Бухоронинг Афғонистонга чиқарадиган ташқи савдоси билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалигида етиштириладиган пахта маҳсулоти, икки давлат ўртасидаги Балх орқали Кобулга ва Бухородан Ҳиротга борадиган савдо йўллари борасидаги маълумотлари алоҳида қайд этилади. Мақолада XIX асрнинг 30 йилларидан Бухоро амирлиги билан Афғонистон савдо алоқаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги эътироф қилинади. Рус шарқшуноси П.С.Савельевнинг мақоласида шарқ давлатларининг савдо муносабатларида Бухоронинг муҳим роль ўйнаганлиги, Бухородан Эрон ва Афғонистонга борадиган учта карвон йўли ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинади. Шу даврда Британия ҳукуматининг махсус топшириғи билан Ўрта Осиёга жўнатилган Бернс асаридаги Бухорода афғонлар масаласи, уларнинг савдо фаолияти кўриб чиқилади, айниқса, Ғазна туманида яшовчи афғон қабилалари — лоҳанийлар масаласи тадқиқ қилинади. 1833-1834 йилларда Бухорога махфий кўрсатма билан элчи қилиб жўнатилган П.И.Демезон, 1835—1836 йилларда рус офицери И.В.Виткевич тўплаган маълумотлар тадқиқотга тортилган. XIX асрнинг 40 йилларида Н.В.Ханиковнинг асарида Бухорога турли мамлакатлар қатори Афғонистондан келтириладиган товарлар, Бухоро билан Кобул ўртасидаги савдо карвонларининг қатнови, савдо товарлари тўғрисида маълумотлар кўриб чиқилади. XIX асрнинг 50 йилларидан Россия Ўрта Осиё хонликларининг Афғонистон билан муносабатларини ўрганишга катта аҳамият берган. Рус географик жамияти аъзоси бўлган П.Небольсиннинг тадқиқотидаги Бухородан Кобулга анъанавий товарлар: ипак, эчки жуни, бўз каби товарлар қаторида кўпроқ рус товарлари: мис, қозон, сандиқ, пичоқ, қайчи, нина, тери, устара, зар ип, заррин жияк, кашениль деб аталувчи қизил рангли бўёқ, енгил ипак матолар ва мовут келтирилганлигини ҳамда Бухоро билан Афғонистон шаҳарлари ўртасидаги оралиқ масофалар ҳам кўриб чиқилган. XIX аср иккинчи ярми - XX аср бошларига оид тадқиқотларда, хусусан А.Вамбери, М.И.Венюков, В.В.Григорьев, В.И.Масальский, М.А.Терентьев, А.Г.Серебренников, Д.Н.Логофет, Губаревич-Радобильский ва бошқаларнинг асарларида ўлкадаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалаларга оид хабарлар қаторида Бухоро амирлиги билан Афғонистон ўртасидаги савдо алоқаларига оид маълумотлар тадқиқ қилинган.
Мақолада Ўзбекистон шароитида яшовчи, юрак-томир касалликлари, буйрак касалликлари, ошқозон-ичак тракти ва бошқа касалликлар каби ёндош соматик касалликларга эга беморларда уларнинг боғлиқлиги ва эпилепсиянинг даволаниши кўриб чиқилди