Мақолада япон ва хитой адабий алоқаларининг муштараклиги ҳақида фикр юритилади. Хитой адабиёти япония адабиётига жанрлари, адабий турлари, адабий асарлардаги композиция, сюжети ва мотивлари орқали ўзининг улкан таъсирини кўрсатганлиги таҳлил қилинган. Машҳур хитой шоирлари Ли Бай, Ду Фу, Ван Вэйлар ижодидаги меҳр-мухаббат, гўзаллик ва нафосат, табиат тасвири япон шоирлари шеърларида ҳам кузатилиши, япон адабиётидаги Вака назмий жанри ва бу жанр орқали айнан япон адабиётидаги илк мамлакат шеъриятининг пайдо бўлиш даври мақолада қайд этилади. Шу билан бирга япон адабиётидаги айрим ижодкорлар, жумладан Ясунари Кавабата, Санэасу Мусянокодзиларнинг япон адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси, Японияда “Хэйан” даври ва мазкур давр ижодкорлари ҳақида сўз боради. Хитой адабиёти япон адабиётидан анча илгари пайдо бўлишига қарамай, япон мумтоз адабиётини дунёга машҳур қилган “Кодзики” ва муаллифлик, ҳамда халқ шеъриятининг машҳур намунаси ҳисобланмиш “Манъёсю” каби япон адабиёти дурдоналарини япон ва хитой адабиёти тадқиқотчиларининг илмий ишларида ёритилганлиги солиштириб ўрганилган. Шарқ цивилизациясида Япония ва Хитойнинг алоҳида ўринга ва мавқега эгалиги, аввало бу икки мамлакатнинг буюк ва қадимий тарихга эга эканлигидан, ҳамда мамлакатлар адабиётининг шарқ адабиётига қўшган улкан ҳиссаси ва машҳурлигидан. Россиялик академик Н. И. Конрад айнан япон ва хитой адабиётларини ўрганган машҳур олим сифатида япон ва хитой адабиётини ўрганишдаги алоҳида ўрни эътироф этилади Бу икки халқ одатлари, анъаналари, маданияти, тарихи, тили, адабиёти ва кўплаб бошқа соҳаларида муштараклик борлиги аниқланган. Мақола сўнгида япон ва хитой халқларига хос яна бир фазилат бўлган меҳнатсеварликнинг ҳар икки халқнинг мақолларида кузатамиз. Бадиий адабиётнинг бош ғояларидан бири ҳам айнан ана шу ҳақиқатга кўпроқ эътибор қаратганлигидадир.Мазкур мақолларнинг ёш авлодни меҳнатга ўргатишда тарбиявий аҳамияти катта. Хулосаларда япон ва хитой халқларининг адабиёт, маданият соҳаларидаги муштараклик жиҳатлари эътироф этилади.
Мақолада ХХ аср иккинчи ярмидан кейин Сурия адабиёти тараққиётининг асосий тенденциялари, Сурия романнавислигининг ривожланиши муаммолари очиб берилади, ХХ аср араб адабиётидаги эволюциянинг айрим жиҳатлари айтиб ўтилади. Мақолада араб дунёсидаги адабий жараён ривожланишнинг типологиясини ёритиб беришга ҳаракат қилинади. Сурия адабиётида реалистик йўналишнинг шаклланиши, ижтимоий адабиёт, реалистик адабиётга қизиқиш тобора ортиб борган давр белгиланади. Суриянинг энг йирик ёзувчиси Ханна Минанинг ижодида умуман араб дунёсига хос адабий жараённинг муҳим типологик хусусиятлари чуқур ва ёрқин жиҳатлари билан намоён бўлганлигини кўрсатишга ҳаракат қилинади. Сурия адабиётидаги романларнинг бадиий ва таркибий таҳлили ҳамда таниқли суриялик романнавис Ханна Минанинг адабий ва илмий мероси ёритилади. Шунингдек, Ханна Минанинг Сурия адабиёти, хусусан, Сурия романнавислиги тараққиётидаги муҳим ўрни ва ролини очиб бериш орқали Сурия романнавислигининг ривожланиш хусусиятлари кўрсатилади. Замонавий араб адабиётидаги янги тенденциялар кўрсатилади, жумладан, ХХ аср иккинчи ярмида Суриядаги адабий муҳит очиб берилади, суриялик адабиётшунослар ва адабий танқидчиларнинг миллий араб адабиётида роман жанрини ривожлантиришга бағишланган илмий ишлари шарҳланади. Сурия адабиётида янги эстетик қарашлар ҳамда янги адабий йўналишлар шаклланиши жараёни очиб берилади.
Мазкур тадқиқот хитой адабиётининг ажралмас ва муҳим қисми хисобланган аёллар адабиётининг ХХ аср биринчи ярмидаги тараққиётига бағишланади. ХХ асрнинг бошларидаёқ Хитойда бадиий ижод билан шуғулланувчи аёллар сонининг кескин ошгани кузатилади. Мамлакатдаги нотинч вазият, хусусан, аср бошларида юзага келган инқилобий ҳаракатлар, хитой-япон уруши, Мао Цзэдуннинг яккаҳокимлик бошқаруви, демократик ҳаракатларнинг таъқиб остига олиниши, зиёлиларнинг “қайта тарбиялаш” лагерларига сургун қилиниши ва шу каби ҳолатлар аёлларнинг ижодга кириб келишига тўсқин бўла олмади. Аксинча, ХХ асрнинг 40-50 йилларига келиб аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги аралашуви кучайди, турли аёллар ҳаракати, аёллар журнал ва газеталари, жамиятлари ташкил этилди. Уларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни сезиларли ошди. Аёллар адабиёти янада ривожланди. Бин Син, Лин Шухуа, Лу Ин, Дин Лин, Сяо Хун, Ши Пинмэй, Цао Мин, Лу Биченг, Чжан Айлин каби ўнлаб адибалар ўзларининг ижоди билан мамлакат ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаётида муҳим ўрин эгалладилар. Бу адибаларнинг аксарияти ҳам адабий жараёнларда, ҳам жамоатчилик ишларида фаол иштирок этдилар. Мақола доирасида уларнинг айримлари ҳаёти ва ижодига алоҳида тўхтаб ўтилди. Тадқиқотда илмий истеъфода этилган адибалар ижоди нафақат Хитой, балки жаҳон адабиётида ҳам эътироф этилган. Адибалар ижодида кўтарилган муаммолар, тасвирланган воқелик ХХ аср биринчи ярми Хитой халқининг тарихи, ўша давр адабий муҳити, адабий жараёни ҳақидаги тасаввурларимизни бойитишда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур мақолада адабиётшуносликда долзарб бўлган баҳсли масалалардан бири – бадиий психологизм тушунчаси ҳамда ушбу масаланинг тарихи борасида фикр юритилган. Бадиий психологизмнинг адабиётшунослик илмига кириб келиши, бу соҳада амалга оширилган илк тадқиқотлар, рус ва ўзбек адабиётшунос олимларининг назарий қарашларига алоҳида тўхтаб ўтилган ҳамда бадиий психологизм ва психологик таҳлил терминларига муносабат билдирилган. Шунингдек, бадиий психологизмнинг аналитик, динамик ва типологик принсиплари ва уларнинг адабий турлар ҳамда жанрлар кесимидаги ўрни, хусусан замонавий араб ва ўзбек адабиётида психологик ҳикоя жанрининг хусусиятлари ва ривожи таҳлил этилган. Ҳар бир миллат адабиёти ўзининг тараққиёт босқичига эга. Шунингдек, ҳар бир мамлакат адабиётини тараққиёти босқичларини ўрганар эканмиз, унда бошқа қардош ва нисбатан узоқ мамлакатлар адабиёти таъсирини ҳар бир босқичларда муайян даражада кузатишимиз мумкин. Ўзбек адабиётининг араб адабиёти билан алоқалари, ўзаро таъсири узоқ ўтмишга бориб тақалади ва бу адабий алоқалар бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Араб адабиётининг дунёга машҳур “Минг бир кеча” асари билан аждодлармиз қадим замонлардан таниш бўлса, илк ўрта асрлар ва ўрта асрларда яшаб, илмий ва адабий ижодининг асосий қисмини араб тилида насрий ва назмий жанрларда ёзган буюк ўзбек мутафаккирлари ва қомусий олимларнинг ижод маҳсуллари араб адабиётининг ва адабий жанрларинг ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Шунингдек, иккала миллат адабиётига ўз таъсирини ўтказган Ислом маданияти, диний урф-одатлар, Шарқ фалсафаси, ҳаёт тарзи ва анъаналари, Европа модернистларининг асарлари ва ғоялари – адабий асарлар муштараклигида намоён бўлади. Мазкур муштаракликлар икки миллат адабиётининг ўхшаш жиҳатлари, адабий жанрлар тадрижини, мавзу ва ғояда умумийликлар уларни қиёсий тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. Замонавий араб ва ўзбек адабиётидаги муштарак мавзулар, ўхшаш сюжет ва образлар, адабий услубдаги яқинлик, Шарқ адабиёти анъаналари ва адабий жараёнларни қиёсий-типологик ҳамда қиёсий-тарихий ўрганишни тақозо қилади. ХХ аср охири XXI аср бошида араб ва ўзбек ҳикоянавислигида бадиий психологизм ва психологик ҳикоя ўз ривожланиш жараёнида бошқа жанрларга нисбатан етакчилик қилди. Авваламбор, бундай психологик ҳикояларда бугунги кун жамиятининг муаммолари ва унда инсон тақдирининг мураккаб кўринишларини ўта таъсирчан тарзда тасвирланган бўлса, иккинчидан, мазкур ҳикоялар орқали ҳозирги кундаги жамиятимиз муаммолари, иллатлари инсон руҳиятига, руҳияти орқали эса унинг тақдирига қандай салбий таъсир кўрсатаётганлиги психологик тасвир воситалари ҳамда психологик таҳлил орқали очиб берилганлиги таҳлил этилган.
Бирлашган Араб Амирликлари ўрта аср араб адабиёти ўрнига келган замонавий турдаги ўз адабиёти жуда кеч, яъни ХХ асрнинг 70-йилларида пайдо бўлган Араб мамлакатлари сирасига киради. Шунга қарамасдан, аксарияти ахлоқ, панднасиҳат берувчи сентиментализм ва романтизмнинг бадиий тамойилларига асосланган илк амирликнинг ҳикоялари ичида етук реализм намунаси бўлганлари ҳам (Муҳаммад Мурр ижодида) ва ҳаттоки, модернизм (Абдуллоҳ Мирр ижодида) каби ҳикоялар ҳам учрайди. 1980-йилларда Амирликлар адабиётида реалистик йўналиш барқарор ривожланган даврда аксарият ҳикоянавислар модернизм эстетикасига мурожаат этдилар. Улар ўз ҳикояларида объектив реаллик тасвиридан ёрқин ифодаланган сюжетдан воз кечиб, ўзига хос субъектив акс этган онгнинг ички ҳолатига ўз эътиборларини қаратишган. Бунда баъзи бир олимлар (Мирям Жума Фараж, Суад Арими, Хараб Захейри, Салма Матар Сайф) араб шеъриятига хос бўлган метафора ва қиёслаш, ўзига хос лексик-синтактик конструкцияларга тўйинган асарнинг мураккаблашган тилидан фойдаландилар. Натижада, араб адабиётшунослигида “шеърий модернизм” номини олган ўзига хос услубни вужудга келтирдилар. Бундан ташқари, мазкур даврдаги баъзи амирликлар ҳикояларида магик реализмнинг унсурлари (Абулҳамид Аҳмад Абдулҳамид ва Салма Матар Сайф ижодида), абсурд эстетикаси (Забиййи Хамис ижодида) ва постмодернистик пародаси (Салма Матар Сайф ижоди)да кузатиш мумкин. Амирлик ҳикоянавислари асарларининг мавзулари БАА жамиятининг ҳам реалия, ҳам муаммоларини қамраб олиш билан бир қаторда умумбашарий фалсафий муаммоларни ҳам ўз ичига киритган (Басема Юнус ва Жума Феруз ижодида). Баъзи бир асосий мавзулар, яъни хориждаги меҳнат муҳожирлиги ва тарихга айланаётган анъанавий турмуш тарзини қўмсаш БАА ҳикоянавислигини Форс кўрфази бошқа араб мамлакатларининг адабиётларига яқинлаштириш баробарида замонавий араб адабиёти контекстида ўзига хослик касб этади.
Модернизмга Европада XVII аср ўрталарида пайдо бўлган ва бутун дунёга таъсир этган фикрлар оқими сифатида қараш мумкин. Маърифатчилик ғоясига боғлиқ бўлган модернизм индиструал инқилоб билан биргаликда ҳар бир соҳада анъанавий ҳаётга қарши ғояга айланди. Жамиятнинг ҳар бир соҳасига таъсир кўрсатган модернизм санъат ва адабиёт соҳасидаги ўзгаришларни ҳам келтириб чиқаради. Айниқса, Европанинг фикр ва санъати раҳнамолигида ривожланган ушбу оқимдан Усмонли жамияти, санъати ва адабиёти, бебаҳра қолмади. Буюк француз буржуа инқилобидан кейин бутун дунёга таъсир қилган ғоялар Европани бир марказ ҳолига келтирди. У ер бутун дунёнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этди. Усмонли жамиятининг қизиқиши ҳам худди шу йўналишда ривожланди. Аммо Усмонлиларнинг эътибори илк босқичда ҳарбий соҳага қаратилди. Йўқотилган урушлар ва ерлар, олдинги шон-шарафини ва кучини йўқотган армиянинг келажагини ғарбда кўрдилар. Шундай учун ҳам, дастлабки трансформация ҳаракатлари армияда бошланади. Шундан кейин, бошқа ижтимоий соҳаларда ҳам ўзгаришлар бошланади. Аммо бу ривожланиш ва ўзгаришлар қандай амалга ошиши; жамият ва санъатга қайси йўналишда таъсир қилиши узоқ вақт муҳокама қилинди. Усмонли давлати замонавийлаштириш, ғарбга етиб олиш, унинг савиясини ўзида мужассам этиш, ғарбдаги каби яшаш орзуси билан одимлар отди. Танзимат фармони (1839) эълон қилиниши билан модернизация учун муҳим эшик очилгани маълум бўлди. Фармондаги барча фуқароларнинг тенглиги ифодаси, маълум маънода, энг модернистик ҳаракат бўлди. Шу сабабли, Танзимат Фармони ундан олдин турли хил янгиликлар кириб келишига қарамай, модер-низмнинг бошланиши сифатида қабул қилинган.
Мазкур мақолада XVII аср охирги чорагида ижод қилган кўплаб япон адабиёт вакиллари ижодининг шаклланишига катта таъсир этган наср – “каназоши” ҳамда унинг япон ўрта асрлар адабиёти тараққиётида тутган ўрни ҳақида сўз боради. “Каназоши” насрининг жанрий хусусиятлари, ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш ишнинг мақсади, ҳамда унинг сюжетли ва сюжетсиз жанрларини аниқлаш, ҳар бир жанрнинг шаклланишига таъсир этган омилларни кўрсатиб бериш ва таҳлиллар орқали уларнинг бадиий хусусиятларини аниқлаш эса тадқиқоднинг вазифаси ҳисобланади. Ушбу мақсад ва вазифаларнинг бажарилишида маданий – тарихий, қиёсий – тарихий таҳлил методларидан фойдаланилади. Мақолада дастлаб, каназоши насрининг диний – ахлоқий асарлари, ҳарбий руҳдаги воқеа – ҳодисаларнинг хроникалари ҳисобланмиш сюжетсиз жанрларининг ўзига хос жиҳатлари “Киёмизу моногатари”, “Гион моногатари”, “Укигумо моногатари” каби танлаб олинган намуналарнинг таҳлилига таянилган ҳолда кўрсатилиб берилади. Сўнг, “Нинин бикуни”, “Шичинин бикуни” номли асарлар орқали буддавийлик таълимоти ғояларини илгари сурган Сузуки Шёсан, хитой адабиёти таъсирида яратилган “Отоги боко”, “Жигоку о митэ ёмигаэри”, “Инухарико” каби сеҳрли – фантастик асарлари билан машхур бўлган Асаи Рёининг ижоди мисолида XVII аср япон насрининг сюжетли жанрлари тавсифланади. Жумладан, ўрта аср япон адабиёти учун анъанавий жанр бўлмиш ишқий қиссалардаги воқеликни англашнинг янги бадиий принциплари “Цую доно моногатари”, “Зэраку моногатари” асарларининг таҳлиллари орқали очиб берилади. Тарихий шарт – шароитлар ва бадиий эхтиёжлар натижаси ўлароқ юзага келган “хёбанки” ва “мэйшёки” каби каназоши жанрларининг ўша давр японлар ҳаётидаги амалий аҳамияти ҳақида фикр юритилади. “Чикусай моногатари” ва “Нанива моногатари” асарлари мисолида эса уларнинг бадиий жиҳатлари ёритилади. Мақолада XVII аср япон адабиётида қисқа кулгули ҳикоялар – “ракуго” жанри ҳамда ўша даврда урф бўлган классик асарлар пародияларининг юзага келиш шароитлари, уларнинг шаҳар маданияти ва адабиётининг шаклланишида ўрни тўғрисида ҳам таҳлилий мулоҳазалар келтирилади.
Маданият қадриятларнинг инсон фаолиятида рўёбга чиқиш даражаси билан белгиланади. Барча миллий адабиётлар каби, корейс адабиёти ҳам корейс халқи маданиятининг ажралмас қисми, унинг тарихи, тараққиёт босқичлари ва ривожланиш жараёнларининг инъикосидир. Корейс сюжетли насри Европа насридан фарқли равишда ривожланган эпик анъанага эга бўлмаган маданият негизида вужудга келган. Шу туфайли, маълум даражада эпос вазифасини бажарган ҳодисани унинг бош манбаи деб ҳисоблаш мумкин. XVII–XVIII асрлар корейс адабиёти ривожланиш тарихида ғоялар ва уларнинг концептларигина эмас, балки воқеликни, унинг асосий субъектлари – инсон ва табиатни акс эттиришда, бадиий тасвир усулларини тако-миллаштиришда, янги жанрларнинг шаклланишида ва сюжет чизиқларининг мурак-каблашувида ҳам сифат ўзгаришлари юз бергани кузатилади. XVII-XVIII асрлар корейс адабиёти поғоналарга ажратилган. Энг юқори даражани ханмундаги «юксак» наср ва назм эгаллаган, жанр жиҳатидан улар хитой насри ва назмига тўлиқ мос келган. Кейинги поғонада ханмундаги насрнинг кичик шакли – пхэсол турган, энг қуйи поғонадан эса корейс тилидаги адабиёт ўрин олган. Ўз навбатида, у ҳам уч: юқори (назм), ўрта («юксак наср» (кундаликлар ва ро-манлар) ва қуйи (корейс қиссалари ва новеллалари) даражаларга бўлинган. Хусусан, XVII аср корейс насрининг кичик шакллари – пхэсол равнақи билан тав-сифланади. Буни адабиёт инсон ички дунёсининг инъикоси эканлиги, халқнинг оғир ижтимоий аҳволини акс эттириши ва ҳаётнинг беқарорлиги билан изоҳлаш мумкин. XVII асрда корейс адабиётига янги ғоялар кириб келиши давом этди, унинг ижтимоий роли ўзгарди, янги шаклларни излаш ва яратиш, шунингдек, янги жанрларнинг пайдо бўлиши ва эски жанрлар шакл-шамойилининг ўзгариши каби жараёнлар юзага чиқди. Пхэсол услуби ўз етуклик даврига қадам қўйди ва бу, ҳеч шубҳасиз, унинг ғоявий-тематик кўламининг кенгайиши ва насрий асарларнинг янги тури – сосол пайдо бўлишига имконият яратди. Адабий жанрларнинг назарий адабиётшуносликда таснифи мавжуд бўлмаган корейс адабий тафаккурида сосол атамаси қисса, роман, ҳикоя сингари насрий асарларни қамраб олади. XVII аср корейс адабиётида катта ҳажмли асар – роман жанрининг тараққиётини бошлаб берди. Сюжетли асарлар яратган биринчи муаллиф Ким Манжун бўлган. («Са хонимнинг жануб бўйлаб саргардонликлари» ва «Тўққиз кишининг булутли туши» номли машҳур романларида корейс халқига хос дунёқарашнинг икки тенденцияси – одил инсон ва шахснинг ички уйғунлиги айниқса бўртиб намоён бўлади). XVII–XVIII асрларда корейс адабиётида янги шаклларни топиш йўлидаги изланишлар тарихий ва географик хусусиятга эга ханмундаги янги жанр – кундаликлар ривожланиши учун имконият яратади. Бунга Ли Сунсиннинг «Ҳарбий воқеалар кундалиги», Хван Чиннинг «Японияга саёҳат кундалиги» ва бошқалар мисол бўла олади.
Ушбу мақола буюк ҳинд эпоси “Рамаяна” нинг аслияти билан Жанубий Ҳиндистонда Камбн томонидан яратилган “Рамаяна” ни филологик жиҳатдан чоғиштириш масалаларини ёритишга бағишланган. Маълумки, ҳинд диёри асори атиқаларга, ҳинд адабиёти эса дурдона асарларга бой. Ҳиндистон халқлари адабиёти ўзининг серқирралиги ва кўп тиллилиги билан дунё тамаддунида ўзига хос ўрин эгаллайди. Халқ оғзаки ижоди намуналаридан бўлмиш “Рамаяна” достони кейинчалик буюк шоир Валмики томонидан етук бир асар сифатида дунё юзини кўрди ва бу асар нафақат Ҳиндистонда мавжуд тилларга таржима қилинди, балки дунё тилларига ўгирилди. Ўрта асрга келиб тамил адабиётига ҳам таржима асарлар кириб кела бошлади, жумладан, тамил шоири Камбн томонидан “Рамаяна” нинг таржима қилиниши, уни янги сюжет ва эпизодлар билан бойитилган ҳолда мустақил асар сифатида яратилиши диққатга сазовордир. Мазкур мақола тамил адабиётининг ривожланиш босқичларига қисман тўхталган ҳолда иккита мустақил асар Валмики “Рамаяна” си ва Камбннинг “Рамаяна” сининг ўзига хос жиҳатлари ва тафовутлари натижаларини ўзида мужассам этади.
Мин сулоласи Хитой адабиёти тарихида янги даврни бошлаб берган. Бу даврда яратилган илк романлар шарқ адабиётининг машҳур намуналарига айланган. Рус хитойшунослигида ушбу давр алоҳида ўрганилган. Мазкур мақолада рус синологиясигида хитой адабиёти, хусусан, Мин даври адабиётининг ўрганилиш масаласи ёритилган.
Халқ ижодиётининг турли шаклларига бағишланган кўп сонли илмий ишларда адабий ёдгорликлардаги “халқ қизиқчилиги” – юмори ва сатирасига жуда кам эътибор берилган. “Қизиқчлик маданияти”дан далолат берувчи материаллар фақат қисман – этнографик нуқтаи назардан ёки театрнинг вужудга келиш тарихи билан боғлиқ равишда ўрганилган. Ислом дини тарқалгандан сўнг узоқ вақтгача мусулмон дунёсида театр томошалари деб аташ мумкин бўлган бирон – бир нарса йўқ эди. Исломнинг дастлабки асрларида ҳукм сурган қатъий тартиб ва йўсинлар ҳамда аскетизм бунга қулай шароит яратмас эди. Бироқ, аббосийлар халифалиги ташкил топган даврда халифалар саройида ал-каллас – масхарабозлар пайдо бўлди. Масхарабозлар фақат ҳукмдорларни кулдириш билан чекланмаганлар, балки саройдаги тартиблар ёки ҳукмдорга ёқмай қолган сарой аъёнлари устидан ҳам кулганлар, уларни масхара қилганлар. Масхарабозлар ҳукмдорларга улар орқали халқнинг кайфиятини билиб туриш учун керак эди. Халқ оммаси мазкур масхарабозлар воситасида баъзан ўз қаҳр-ғазабини изҳор қилиши, ўз норозилигини, ҳеч бўлмаганда ҳазил шаклида айта олиш имконига эга бўлган. Кенг миқёсли ўрта асрлар араб халқ – шаҳар адабиёти ҳам халқ қизиқчилиги шакллари билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўз-ўзидан аёнки, кулгили ҳодисанинг моҳияти барча асрларда ҳам бир хил бўлиб қолаверади, лекин “қизиқчилик маданияти”да у ёки бу қирраларнинг устунлик қилиши унда миллий ва даврга хос хусусиятларни фарқлаш имконини беради. Халқ – шаҳар адабиётидаги кулги ўзининг типига кўра ўрта асрлар кулгисига мансубдир. Ўрта асрлар кулгиси инсон борлиғининг энг нозик жиҳатларига йўналтирилганлиги билан ажралиб туради Ушбу мақолада шу кунга қадар тадқиқотларда иккинчи даражали деб қараб келинган юмор ва сатиранинг аҳамияти, араб халқининг “кулги маданияти” ҳақида сўз юритилади. Юқоридаги фикрларни мустаҳкамлаш мақсадида мақолада ўрта аср араб адиби Бади аз-Замон ал-Ҳамадоний (969-1008 йй.) асарларидан мисоллар келтирилади.
Мазкур мақолада ХХ асрнинг 70-йиллари замонавий турк ҳикоячилигининг ўзига хос хусусияти, жумладан турк ҳикоянавислигининг моҳир ёзувчиси Селим Илери ижоди ва унинг ҳикоя жанридаги маҳорати тадқиқ этилган. Мақолада ёзувчининг “Сеҳрли орган”, “Унаштирилган қиз”, “Онамнинг сардунялари”, “Тонгсиз кечалар”, “Сув париси ҳикояси”, “Денгизнинг этакларида”, “Дўстликнинг охирги куни”, “Ёпиқ иқтисод” сингари ҳикоялари адабиётшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Айрим турк ёзувчиларидан фарқли ўлароқ, Селим Илерининг ҳикоялари жаҳон адабиётининг дурдона асарлари таъсири натижасида яратилган. Ёзувчининг “Унаштирилган қиз” А. П. Чехов, “Тонгсиз кечалар” ҳикояси Ф. М. Достоевский, “Сув париси ҳикояси” ва “Денгизнинг этакларида” ҳикоялари Фолкнер, “Ёпиқ иқтисод” ҳикояси Шекспир ижоди таъсирида ёзилган. Шунга кўра, С. Илери мазмун жиҳатдан маҳаллий ижодкорлар, шакл жиҳатдан эса хориж ёзувчилар изидан боради. Виржиния Вулф, Уильям Фолкнер, Катерина Мансфелд асарлари адиб ижодининг муҳим манбалари ҳисобланади. У Виржиния Вулф асарларидан иқтибослар олади, мелодрама усулларини истифода этади. Жумладан, Фолкнернинг адабий услубидаги баъзи қирралар С. Илери ҳикояларида аниқ кўринади. С. Илери ҳикояларидаги сюжет чизиқлари абстракт структурага эга. Шу сабабли асарларининг асл маъносини англаш қийин кечади. Образлар характери эса аксарият ҳолларда ички монолог ва онг оқими орқали очиб берилади. Бу жиҳатдан С. Илери У. Фолкнер ижодига яқин келади. Ёзувчининг “Денгизнинг этакларида” асарида постмодернизмга интилиш кучли. Ижод жараёни, ҳақиқат ва тўқима орасидаги боғлиқлик асарнинг асосий масаласи ҳисобланади. Постмодерн асарни ажратиб турувчи хусусият онг ости, хаёл ва ҳақиқат орасидаги чегарага диққат қаратилади. “Ёпиқ иқтисод” асарининг яратилишида ёзувчини Ғарб адабиёти таъсирлантирган, хусусан, Шекспирнинг “Ҳамлет”идан илҳом олган. Бу трегедияда Ҳамлет атрофидаги одамларга ўзини ақлдан озган, жиннисифат қилиб кўрсатади. Таҳлил қилганимиздек, С. Илери ҳикояларида турк жамиятидаги янги замон кишисининг психологик ҳолатлари, маънавий муаммолар гирдобида қолган шахс изтироблари, ёлғизлик фожиаси, худбинлик ва меҳрсизлик муаммолари психологик усулда ёритилади. Қаҳрамонлар руҳиятидаги эврилишлар қаламга олинади. Бунда адибнинг жаҳон модерн насри анъаналаридан шакл тамойилига кўра фойдалангани маълум бўлади. Шу маънода ёзувчи замонавий турк ҳикоячилигига янги қаҳрамонлар, янгича ифода ва тасвир усулларини олиб киришда ўз ҳиссасини қўшди. Шу маънода ёзувчи замонавий турк ҳикоячилигига янги қаҳрамонлар, янгича ифода ва тасвир усулларини олиб киришда ўз ҳиссасини қўшди.
Ҳозирги даврда барча фан тармоқлари каби таржимашунослик ҳам жадал, жаҳон таржимашунослиги ютуқларига ҳамоҳанг равишда ривожланиб бормоқда. Албатта бунга мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар асосий замин яратмоқда. Бугунги кунда ўзбек адабиётида барча тур ва жанрлар қатори бадиий таржима амалиётида ҳам ўсиш-ўзгаришлар юзага келмоқда. Дунё халқлари адабиёти намуналарини бевосита ўзбек тилига ўгириш ва ўзбек адабиёти дурдоналарини хорижий тилларга таржима қилиш бобида ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда. Матин таржимасида миллий ўзига хосликни сақлаш ва таржима қилинаётган тилда ҳам буни тоғри ва яққол намоён қилиш зарур саналади. Ўзбек адабиёти намуналарини чет тилларига, жаҳон адабиётининг сара асарларини она тилимизга муносиб тарзда таржима қилиб тақдим этишдек шарафли вазифа бугунги навқирон авлоднинг иқтидори, ғайрат-шижоатига боғлиқлиги сир эмас. Шу боис ёшлардан она тилига катта эътибор қаратиш ва уни чуқур ўрганиш талаб этилади. Баъзи тилларда сўзлар грамматик жиҳатдан жинс катигорияларига: максулин (эркак) ва фемин (аёл) ёки бетарафлик (нейтрал) ажратилади. Ўзбек тилида максулин (эркак) ва фемин (аёл) ёки бетарафлик (нейтрал) каби катигориялар бўлмаса ҳам сўзларнинг маъносига қараб жинс катигорилари белгиланади. Масалан: дугона ики аёл ўртасидаги дўстликни анлатиб фақат фемин (аёл) катигориясига таълуқлидир. Ошна, ўртоқ каби сўзлар эса максулин (эркак) катигориясида тутилади. Бу каби хусусиятларни инобатга олиб бошқа тилга ёки иккинчи тилдан ўзбекчага тўғри таржима қилиш муҳим саналади. Гендер тадқиқотлар жинслараро биологик эмас, балки таржима жараёнида сўзлар, жумлаларни танлаб, керакли ерда ишлата олиш ҳамдир.
Мазкур мақола Хитойда ХХ асрнинг сўнгги чорагида амалга оширилган ислоҳотлар, аҳоли сонининг кўплиги, бир маромдаги иқтисодий ўсиш ва бошқа омиллар, Хитойни дунёнинг етакчи мамлакатлари сафига киришига, жаҳон сиёсати майдонида ўз овозига эга бўлишига сабаб бўлди. Буларнинг барчаси маданият, маънавият, санъат ва адабиётга ўзининг жиддий таъсирини кўрсатиши табиий ҳолатдир. Адабиёт оламига ХХ асрнинг 70-йилларида туғилган ёзувчилар авлоди кириб келди. Шунингдек, бу даврда нисбатан катта авлод ҳам ўз ижодий фаолиятида давом этди. Умум адабиёт кесимида аёллар адабиёти сифат жиҳатдан катта ўзгаришларни бошидан кечирди. Энди ёзувчилар ўтган асрдаги каби сохта идеаллар, ислоҳотлар, синфий манфаатларни эмас, уларнинг инсонлар тақдирига таъсири, асоратлари ҳақида ёза бошладилар. ХХI аср аёллар адабиётининг таниқли намояндаларидан бири истеъдодли адиба Тяо Йэдир.
Булоқдан юзага келиб, тўлқинланган сувларини денгизга, сўнгра чексиз океанга етказиб берувчи дарё каби ҳақиқий ёзувчи ва шоирлар илҳом манбаисиз ижод қила олмайдилар. Шубҳасиз, нафақат ёзувчи томонидан ўрганилувчи унинг ўзи узвий боғлиқ бўлган халқ ва ҳудуднинг ўзига хос тажрибалари, балки воқеликнинг ўткир талаблари, муаллифнинг келажакка қаратилган фикр-мулоҳазалари ва ғоялари илҳом манбаи бўлиши мумкин. Умуминсоний фаолиятининг барча бошқа турлари каби адабиёт ҳам узоқ даврлар мобайнида барча халқ адабиётларининг классиклари томонидан ўзлаштирилиб ва тўлдириб борилган ўз қонуниятларига эгадир. Хусусан, анъаналарга таяниш, ўтмиш даврлар адабиёти тажрибаларидан фаол фойдаланиш, ўтмишни қайта англаш ҳамда воқеликка бўлган янгича нуқтаи назар япон адабиётига хос хусусиятдир. Мақолада XVII аср япон адабиётининг итеъдодли вакили Ихара Сайкаку ижодида бадиий анъаналарнинг роли, эски сюжетлар шакли ва мазмунининг трансформацияга учраши ҳамда уларнинг янги талқинининг прициплари каби масалалар ёритилган. Ушбу мақсадда, муаллифнинг янгича талқин қилинган асарлари танлаб олинган ва мумоз япон ҳамда хитой адабиётидаги асл манбалар билан қиёсий таҳлилга тортилган. Мазкур таҳлил орқали анъанавий жанр ва сюжетларнинг янги талқини, қайта англаниш принциплари ҳамда ўша давр япон халқининг бадиий тасав-вурлари тизимида юз берган силжишлар аниқланган
Мазкур мақолада XIII аср иккинчи ярмида Хоразм, қипчоқ, туркман қабилаларидан чиққан мамлук амирлари Миср ҳокимияти тепасига келганда мамлакат ҳаётида туркий омилнинг кучайиши кузатилган. Бу туркий омил сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаётда ўзини намоён қилди. Туркий амирлар бошчилигида мисрликлар диёрига босиб кирган салбчиларни 1250 йили Мансура шаҳри ёнида тўхтатиб тор-мор қилишди. Бу 7-салбчиларнинг юриши эди ва унинг мағлубиятга учраши бутунлай насронийларнинг салб тажовузкор юришларига хотима ясади. Мамлук султони Қутуз эса, 1260 йилда Айн Жалут деган жойда босиб келаётган мўғулларга қарши жанг қилиб, уларнинг устидан катта ғалаба қозонгани бутун ислом дунёсини қувонтирди, чунки мисрликлар мўғулларнинг араб оламидаги зафарона юришини тўхтатиб, уларга қаттиқ зарба бериб, орқага улоқтириб ташлаган эди. Бу икки ёрқин ғалаба натижасида Миср биринчи мамлук султонлар даврида душманларга қарши тура оладиган, ташқи савдоси, суғориш тизими ва деҳқончилиги яхши ривожланган кучли давлатга айланди. Шунингдек, мақолада XIII–XIV асрда Мисрда аббосий халифат емирилгандан сўнг мусулмон маданияти марказига айлангани кўриб чиқилган. Мисрда бутун мусулмон оламидан олимлар йиғилди, янги мадраслар қурилди, биринчи мусулмон энциклопедиялари яратилди. Улар илми-фаннинг турли соҳалари – жуғрофия, тарих, филология, фалакшунослик, аниқ фанлар бўйича ўзида етиб келган ва ислом тамаддунида пайдо бўлган билим-маълумотларни қамраб олган. Мадрасаларда араб устозлари билан бир қаторда Хоразм, Олтин Ўрда, Озарбайжон каби туркийзабон минтақалардан келган олимлар ҳадис, мантиқ, нотиқлик санъати, фиқҳ ва бошқа диний илмлардан дарс берарди. Мамлуклар даврида Мисрда турк тилига, айниқса, қипчоқ ва Хоразм шеваларига қизиқиш катта бўлди. Олимлар шу тилларнинг лексикаси ва грамматикаси бўйича махсус илмий ишлар яратиб, араб-туркий луғатлар туздилар. Мисрда шу даврда бизгача етиб келган туркийзабон бадиий адабиёт шаклланди. Унинг бошида Сирдарё қуйиларида туғилган ва тақдир тақозоси билан Мисрга келиб қолган таниқли Сайфи Саройи турар эди. У чиғатой (эски ўзбек) тилида асарлар ёзган, ўзбек адабиётига асос солган адиблардан ҳисобланади. Сайфи Саройидан бошқа Мисрда ижод қилган яна 8 нафар шоирларнинг номи маълум бўлиб, кўпчилигининг нисбаси “Хоразмий”дир. Мамлуклар даврида соф араб адабиётида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Мўғуллар зарбасидан кейин араб оламида анъанавий сарой шеърияти инқирозга учрайди, Миср адабиёти эса халқ оғзаки ижодига яқинлашиб, шеъриятида “мавал”, “зажал”, “мувашшах” каби янги жанрлар пайдо бўлди, шунингдек, “адаб” жанри равнақ топди. Бу жанр солиҳ мусулмоннинг тарбиясига йўналти-рилган бўлиб, илмий маълумотларни оммабоп тарзда, турли ибратли ҳикоят ва шеърий парчаларни тақдим этарди. “Адаб” жанри асарлари ўзида бой бадиий ва дидактик материалларни мужассамлаштириб, ўша давр адабиёти тўғрисида тасаввурни кенгайтиради. Афсуски, мамлуклар даври Миср маданияти, жумладан, адабиёти яхши ўрганилмаган. Айниқса, туркий омилни Мисрнинг сиёсий-ижтимоий ва маданий ҳаётга кўрсатган таъсири ҳанузгача чуқур тадқиқ этилмаган. Ваҳоланки, туркий элатларининг таъсири ҳарбий ва кундалик маиший ҳаёт лексикасида, янги қадриятлар, одат ва удумлар кириб келишида, ҳатто кийим кийишида, таомда яққол сезилди. Туркий қабилалардан чиққан, ҳаёт тақозоси билан оқ қуллар – мамлукларга айланиб, сўнг машҳур тарихий шахс мавқеига кўтарилган малика Шажарат ад-Дурр, мамлук султонлари Қутуз ва Бейбарслар Миср халқининг миллий қаҳрамонлари сифатида танилган, улар тўғрисида ривоятлар, халқ романлари – сиралар тўқилган. Ҳозирги кунда ҳам улар Миср халқининг тарихий хотирасидан ўчгани йўқ. Машҳур араб ёзувчилари улар тўғрисида тарихий романлар ёздилар, уларнинг номлари кўчаларга қўйилиб, ҳайкаллар ясалган. Ҳанузгача телесериаллар олиниб, телеспекталлар намойиш қилинмоқда. Ушбу мақолада мамлуклар даври Миср маданий ҳаётида биринчи бор туркий унсурлар кўриб чиқилиб, Миср ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг маълум бўлмаган баъзи саҳифалари ёритиб берилган.
Ушбу мақола Бобурийлар даврида мавжуд бўлган етти турдаги адабиёт ва шу адабиётлар ичида етакчи ўринни эгаллаган ва энг катта адабий меросни ташкил этган бҳакти адабиёти ва бхакт шоирлар ижодига бағишланган.
Мазкур мақола XVII аср япон адабиётида “Замонавий адабиётнинг реалистик мактаби” (“укиёзоши”) асосчиси сифатида шуҳрат қозонган адиб Ихара Сайкаку ва унинг “Нихон эйтайгура” (“Япониянинг боқий хазинаси”) новеллалар тўпламининг бадиий таҳлилига бағишланган.“Нихон эйтайгура” тўплами ёзувчининг “чёнинмоно”, яъни шаҳарликлар учун тарбиявий новеллалар жанридаги бадиий жиҳатдан энг етук асари ҳисобланади. Ихара Сайкакунинг ёзувчи сифатидаги ўзига хос услуби айнан мазкур тўпламда ўзининг юқори чўққисига етганлиги яққол намоён бўлади. “Нихон эйтайгура” новеллалар тўпламнинг бадиий хусусиятлари ва унинг адабий манба сифатида ўрта аср япон адабиётидаги аҳамиятини таҳлил қилиш ишнинг мақсади ҳисобланади. Тўпламнинг мавзулар кўлами, ёзувчи томонидан илгари сурилган асосий ғояни ёритиш ҳамда ундан жой олган новеллалар мисолида асарнинг сюжет, композицион тузилиши, образлар тизимини аниқлаш ва шу орқали адибнинг ўзига хос услубини таҳлил қилиш эса тадқиқоднинг вазифаси ҳисобланади. Ушбу мақсад ва вазифаларнинг бажарилишида маданий – тарихий, қиёсий – тарихий таҳлил методларидан фойдаланилди. Мақолада дастлаб, XVII аср япон насрининг йирик намояндаси Ихара Сайкаку ижодининг ўрганилиш ҳолати ва адиб қаламига мансуб “Нихон эйтайгура” новеллалар тўпламининг яратилиш шароити ҳақида сўз боради. Тўпламнинг таркибий тузилиши ва мавзулар кўлами ундаги новеллаларни мисол қилиб келтириш орқали ёритилади. Сўнг, адибнинг шаҳарликлар учун бағишланган ушбу тарбиявий новеллаларида мавжуд бўлган образларнинг тизими ва унинг ўзига хос жиҳатлари таҳлиллар ёрдамида аниқланади. “Нихон эйтайгура”дан танлаб олинган новеллаларга таянилган ҳолда адиб илгари сурган ғоя, у интилган ҳақиқат ва идеаллари ҳақида фикр юритилади. Шу билан бирга, мақолада санъаткор сифатида ўрта аср ҳаёти, ўз даври одамларининг турмуш тарзи ва урф-одатларини маҳорат билан кўрсатиб бера олган ҳамда шаҳарликларнинг инсоний қадр-қимматлари ҳақида қалам тебратган адибнинг услуби ва унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳам таҳлилий мулоҳазалар келтирилади.
Диаспора адабиёти замонавий адабиётшуносликнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб, мазкур йўналишда ёзилган асарлар ўзига хос спецификалар асосида таҳлил қилиниш заруратини кўрсатади. Мазкур тадқиқотда диаспорада ижод қилувчи ёзувчиларнинг бадиий асарлари ўрганилиб, уларнинг умумий жиҳатлари тадқиқ қилинди. Тил ва маданият тўқнашуви, биографик метод тамойиллари ҳамда замон ва макон мутаносиблиги диаспора адабиётининг учта асосий хусусияти ҳисобланади. Илмий манбаларда “диаспора” ва “экспатриант” синоним тушунчалар сифатида келтирилади, аммо мазкур терминлар моҳияти жихатидан бир-биридан фарқ қилиши мисоллар ёрдамида изоҳланган. Афғонистонда туғилган америкалик ёзувчи Холид Ҳусайний ижодини айнан мазкур диаспора адабиёти спецификаси нуқтаи назаридан таҳлил қилинса, ёзувчи асарларининг бадиий ўзига хослиги намоён бўлади. Тадқиқот объекти сифатида ёзувчининг “Шамол ортидан югуриб”, “Минг қуёш шуъласи” ва “Тоғлар ҳам садо беради” романлари танланган бўлиб, ушбу романлар тадқиқотчи томонидан ишлаб чиқилган диаспора адабиётининг учта асосий хусусиятлари асосида таҳлил қилинади. Шу билан биргаликда диаспора адабиётида тил бирламчи хусусият эканлигини назарда тутган ҳолда, бошқа тадқиқотлардан фарқли ўлароқ Афғон диаспора адабиёти ёзувчилари икки категорияга яъни инглиз тилида ва форсийда ижод қилувчиларга ажратилди. Инглиз тилида ижод қилувчи Холид Ҳусайний асарларида тасниф этилган диаспора хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ёзувчи миллати ва ватанининг муаммоларини умумбашарий даражада тасвирлайди ҳамда афғонлар ҳам бошқа миллат вакиллари сингари тинчлик ва фаравонлик исташларини бадиий чизгилар асосида исботлайди. Шунингдек, ёзувчи ижодида шарққа хослик етакчилик қилишини инглиз тилида ёзилган асарларида араб, форс ва туркий тил намуналарини салмоқли қўллаши билан баҳолаш мумкин. Эътиборли тамони шундаки, ёзувчи шарқ алломаларининг фикрлари ва шоирларининг байтларини қўллаши билан асар руҳиятини шарқона пафосга кўтара олади, бу ўз ўрнида инглиз тилини била туриб ўз маданиятидан бебаҳра вояга етаётган диаспора вакилларининг отабоболари қандай буюк тамаддун иштирокчилари эканлигига ишора қилади.