Jild 2 № 2-3 (2015): Sharqshunoslik
Статьи
“Яхши ниятда қилинган” реставрация: сабаблар, мисоллар ва оқибатлар
Мақолада муаллиф қўлёзма ҳужжатлар, уларни сақлаш, уларга зарар етказувчи омиллар, жумладан, “яхши ниятда қилинган” реставрация тушунчаси ҳақида мулоҳаза юритади. “Яхши ниятда қилинган” реставрациянинг сабаблари, унинг оқибатлари ва уни йўлга қўймаслик учун реставрациянинг қайси асосий меъёрларига риоя қилиниши кераклиги мақоланинг асосини ташкил қилади.
Қўқон ҳукмдори Умархоннинг (1810–1822) шахсий уч муҳри
Мақолада Умархонга тегишли уч муҳр тавсифланади. Бу муҳрлар қўйилган қўлёзмалар Шарқ қўлёзмалари маркази фондида мавжуд. Уч муҳр марказида бир хил исм ёзилган – Амир ул-муслимин Саййид Муҳаммад Умар ибн Норбўтахон. Муҳрлардан бири санага эга эмас. Қолган икки муҳрда сана келтирилган. Булар – 1226/1811–12 йил ҳамда 1231/1815–16 йил. Мазкур саналар Умархон фаолияти билан боғлиқ тарихий маълумотларни аниқлаштиришга ёрдам бериши мумкин.
Хожа Муҳаммад Порсо илмий меросига оид янги маълумотлар
Мақолада нақшбандия таълимотини ўз асарларида илмий жиҳатдан асослаб берган Хожа Муҳаммад Порсо қаламига мансуб қатор янги асарлар ҳақида дастлабки маълумотлар баён қилинган.
“Тарихи Муҳйи Хўқандий” асари ҳақида
“Тарихи Муҳйи Хўқандий” асари шоир Муҳйи Хўқандий (1836–1911)нинг форс тилида ёзган насрий асаридир. Бу асарнинг ягона дастхат нусхаси Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалар маркази фондида 604 ашё рақами остида сақланади. Ушбу мақолада “Тарихи Муҳйи Хўқандий” асарининг ўрганилиш тарихи, қўлёзманинг тавсифи, таркибий тузилиши, таҳлили баён этилган. Шунингдек, асарнинг Марказий Осиё тарихини ўрганишдаги аҳамияти кўрсатиб берилган.
Ҳусайн Воиз Кошифий фаолиятига доир янги маълумотлар
Мақолада Алишер Навоийнинг замондоши Камолиддин Ҳусайн ал-Воиз ал-Кошифий ас-Сабзаворий ал-Ҳиравийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, мутафаккирнинг таваллуд санаси ва ёзган асарлари билан боғлиқ маълумотлар таҳлил қилиниб, бир қатор илмий янгиликлар келтирилган.
Маҳмуд Ғиждувоний “Мифтоҳ ут-толибин” асарининг Огаҳий таржимаси
Огаҳий юртимиз тарихида таржимон сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу мақолада у амалга оширган “Мифтоҳ ут-толибин” асарининг таржимаси ҳақида бўлиб, асарнинг асосий мавзуи Ҳусайн Хоразмий ҳаёти ва фаолиятидир. Ҳусайн Хоразмийнинг асосий фаолияти Бухоро, Самарқанд, Хоразмда бўлган. Шунингдек, Марказий Осиёнинг XVI аср даврига оид маълумотлар ҳам бор.
“Хива хони канцлери” архив фондининг ўзлаштирилиши ва илмий тавсифи тарихидан
Мақолада архив ҳужжатлари ва илмий адабиётлар таҳлили асосида “Хива хони девонхонаси” (И-125) архив фондининг шаклланиши босқичлари ва илмий тавсифи назарияси ва амалиёти ёритиб берилган.
Маҳдуми Аъзам Косоний-Даҳбедийнинг илмий-маънавий мероси
Cаййид Аҳмад ибн Жалолиддин Хожаги Косоний-Даҳбедий (868/1461–949/1542) Мовароуннаҳрнинг машҳур олимларидандир. У қўлёзма манбаларда Махдуми Аъзам Косоний, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий ёки қисқача Махдуми Аъзам шаклида зикр этилади. Ушбу мақола мазкур олимнинг Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номли Шарқ қўлёзмалари марказининг манбалар хазинасида сақланаётган илмий-маънавий меросини ёритишга бағишланган.
Табдилларда замонавийлик
Мазкур мақолада Алишер Навоийнинг “Хамса” достони илк насрий баёнлари ва улардаги етакчи бўлган даврга хос хусусиятлар таҳлил қилинган.
“Шарҳ ат-таъарруф” ва “Тазкират ул-авлиё” асарларининг қиёсий таҳлили
Ушбу мақола “Тазкирату-л-авлиё” ва “Шарҳ ат-Таарруф”нинг баъзи қисмларини қиёслаш орқали, Аттор манбалари орасида бу асарнинг ўрнини аниқлашга қаратилган. Шу мақсадда бу икки асар орасидаги “Шарҳ ат-Таъарруф” асарининг ўрнини аниқлаш учун, Аттор фаолиятида “Кашф ул-маҳжуб” ва “Рисолаи Қушайрий” таржимаси таъсири сезилган намуналар келтирилган.
Анварий ва Навоий
Алишер Навоийнинг X–XV асрлар форс мумтоз шеъриятига муносабати бирмунча ўрганилган бўлишига қарамай, унинг анъанага кўра “қасидада пайғамбар” деб эътироф этилган Анварий Абивардий (1105–1191) ижодига нисбати деярли ёритилмаган. Мақолада Анварий ижодининг мазмуний жиҳати ҳақида қисқача маълумот берилиб, унинг тасаввуфий-ирфоний таваккул мавзуидаги қасидаси ушбу асарга Навоий бағишлаган татаббуъ-қасидага қиёсан таҳлил этилади.
Алишер Навоий асарларида самовий ҳодисалар тавсифи
Мақолада Алишер Навоий асарларида самовий ҳодисалар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг манбалари ҳақида сўз боради. Айрим маълумотларнинг кейинчалик илм-фан тараққиётида ўз тасдиғини топганлиги таъкидланади.
Навоий асарларини ўрганишда XVIII–XIX асрларда яратилган луғатларнинг аҳамияти
Мақолада XVIII–XIX асрларда яратилган луғатлар ва уларнинг Навоий асарларини ўрганишдаги аҳамияти ўрганилган. Муҳаммад Ризобекнинг “Мунтаҳабул-луғот” ва “Зубдатул-луғот” асарлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Мазкур луғатларнинг ТошДШИ қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланаётган нусхалари санаб ўтилган.
Сайфий Бухорийнинг “Арузи Сайфий” асари шеършуносликка доир муҳим қўлланма
Мақолада Сайфий Бухорийнинг “Арузи Сайфий” асари замонавий шеършунослик нуқтаи назаридан тадқиқ қилинган бўлиб, унда рисоланинг таркибий тузилиши, фасллар тавсифи, баҳр, вазнлар ва аруз доиралари ҳақида сўз боради. Мақолада, шунингдек, “Арузи Сайфий” асарининг темурийлар даври маданиятида тутган ўрни очиб берилган.
Ҳофиз Хоразмийнинг Иброҳим Султонга марсияси
Мақола туркий адабиётнинг таниқли вакилларидан бири Ҳофиз Хоразмий томонидан темурийлар сулосаси вакили, адабиёт ва санъат ҳомийси, 20 йил давомида Форс вилоятини бошқарган Иброҳим Султон вафоти муносабати билан ёзилган марсияга бағишланган.
Насриддин Тусийнинг “Ахлоқи Носирий” асари
Мақолада Насриддин Тусийнинг “Ахлоқи Тусий” асари фассларида илгари сурилган ғоялар – маънавий ахлоқ, ақл, яхшилик, комиллик, бахт-саодатга элитувчилиги, нафснинг эса тури ва зарарлари ҳақида мулоҳазалар келтирилади.
Ибн Сино фалсафаси ва ислом илмлари (тафсир ва калом)
Мақолада Ибн Сино фалсафий қарашларининг не қадар кенг қамровни иҳота қилгани келтирилган. Фалсафанинг таркибий қисмлари бўлган мантиқ, ахлоқ, илоҳиётга оид асарлар бир ёқда турсин, ҳатто унинг тафсир ёки каломга оид рисолалари ҳам фалсафий жиҳатдан чуқур ғоялар билан суғорилгани кўзга яққол ташланиб туради.
Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зуннун” асарида Марказий Осиёлик файласуфлар тавсифи
Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун” асари биобиблиографик манба бўлиб, унда Марказий Осиё минтақаси фани ва маданияти тарихини ёритувчи материаллар жамланган. Мазкур мақолада “Кашф аз-зунун”га таянган ҳолда айрим Марказий осиёлик файласуфларнинг илмий фаолиятлари ёритилади. “Кашф аз-зунун”даги маълумотлар бошқа манбалар билан қиёслаган ва тўлдирган ҳолда келтирилади.
Аждодлар меросини ўрганишнинг янги даври бошланмоқда
2014 йил 15–16 май кунлари Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция ўтмиш авлодларимиздан қолган улкан маданий-илмий мероснинг оламшумул аҳамияти, уни ўрганиш масалаларини ўртага қўйиш билан бирга, мамлакатимизда буюк меросимизни замонавий методлар асосида тадқиқ ва тарғиб қилувчи ёшларимизни тарбиялашга ҳам қаратилган эди.
Ал-Хоразмий, Беруний ва Улуғбекларнинг математика ва астрономия соҳасидаги жаҳон аҳамиятидаги ютуқлари
Мақолада ал-Хоразмий, Беруний ва Улуғбекларнинг муаллиф томонидан нашр этилган асарларида улар аниқ фанлар соҳасида эришган ютуқлар нафақат Шарқда, балки Европада ҳам шу фанлар ривожига юксак таъсир этганлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон маданиятининг қадимги ва ўрта асрлар Хитойга таъсири ҳақида
Ушбу мақолада хитой манбаларидаги маълумотларга асосланиб аниқ тарихий фактлар билан Ўзбекистон маданиятининг қадимги ва ўрта асрларлар Хитойга кўрсатган таъсири кўрсатиб берилади.
Ўзбек халқи келиб чиқиш тарихининг автохтон асослари
Мазкур мақолада археологик, антропологик ва ёзма (қадимий хитой) манбалар таҳлили асосида ўзбек халқининг келиб чиқиши икки этник (прототурк ва қадимий эроний) қатламининг автохтон асоси Ўрта Осиёда неолит даврининг археологик ёдгорликлари мисолида аниқланади. Прототурк илдиз бўлиб протоевропеоид антропологик материалли Калтаминор маданияти, қадимий эроний илдиз бўлиб эса шарқий Ўртаер денгизи антропологик типли Жайтун маданияти хизмат қилган. Бронза давридан бошланиб, кеч антик даврларгача бўлган уларнинг қоришуви “Ўрта Осиё икки дарё оралиғи ирқи” – ҳозирги замон ўзбеклари ва қирли тожикларга хос типнинг шаклланишига олиб келди.
Беруний асарларида тупроқшунослик масаласи
Ушбу мақолада Берунийнинг ўрта асрларда Шарқда биринчилар қаторида тупроқнинг пайдо бўлиши ва хусусиятлари, физикавий хоссалари, ернинг турли даврларда ҳар хил гидрографик ҳолатлар натижасида ўзгариши, яъни тупроқшунослик илми ривожланишига қўшган жаҳоншумул ҳиссаси ёритилган.
Темурийлар салтанати тарихига оид асарлардаги географик маълумотлар (Марказий Осиё)
Ушбу мақолада Амир Темур ва темурийлар салтанати тарихига бағишлаб ёзилган тарихий асарларда Марказий Осиёнинг XIV–XV асрлардаги географияси – маъмурий-ҳудудий ҳолати, табиати, хўжалиги, савдо йўллари, шаҳарлари, ободончилик ишлар ҳақида қайд этилган маълумотлар хусусида ёзилган.
Носир Хисрав “Сафарнома” асарининг тарихий аҳамияти
Мазкур мақолада Шарқ Ренессанси даврида яшаб фаолият кўрсатган аллома Носир Хисрав ва унинг “Сафарнома” асари ҳақида сўз боради. “Сафарнома” асари ўз ичига Носир Хисравнинг 7 йиллик (1045–1052) Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига қилган саёҳатини қамраб олган. Унда халқларнинг маданияти, урф-одатлари, тиллари ва турмуш тарзига оид маълумотлар келтирилган.
Қози Ихтиёр – темурийлар даврининг олими сифатида
Ушбу мақолада темурийлар даврининг охирги вақтида Ҳиротда яшаган қози Ихтиёр ҳаёти ва илмий ижоди тўғрисидаги янги маълумотлар келтирилган. Қози Ихтиёр (ваф. 1520) қозилик ва қозикалонлик лавозимларида фаолият юритган. У қозилик вақтида қозилар учун “Мухтор ал-Ихтиёр” номли қўлланма яратган. Мақолада ушбу асар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
Абу Ҳафс ан-Насафий ва Самарқандаги Табғочхон мадрасасининг таълим дастури (XII аср)
Мақола қорахоний ҳукмдори Иброҳим Табғочхоннинг буйруғи билан тахминан 1066 йилда қурдирилган расмий мадрасанинг таълим дастурига бағишланган. Ушбу мақола учун асосий ва ягона манба сифатида Абу Ҳафс ан-Насафий (1068–1142)нинг “Матла‘ ан-нужум ва мажма‘ ал-улум” нодир асари кўрсатиб берилган. Мазкур тўпламда Абу Ҳафс ан-Насафийнинг мударрислик фаолиятига доир муҳим маълумотлар жамланган. “Матла‘ ан-нужум” асарига XI–XII асрлар Мовароуннаҳр таълим тизими доирасида ўқитилган турли илм соҳаларига оид асарлар (“дарсликлар”) жамланган.
Шарқ қўлёзмалари маркази фаолияти янги вазифалар кесимида
Ушбу мақолада Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази фаолияти ва унинг олдига қўйилган янги вазифалар таҳлил этилган. Айни пайтда Шарқ қўлёзмалари маркази олимлари томонидан амалга оширилаётган фундаментал, амалий ва ёшлар тадқиқот лойиҳалари ҳақида маълумотлар берилган.
Қадимги Хоразмда амалий билимлар динамикаси ва ёзувнинг аҳамияти
Мақолада қадимги Хоразм мисолида амалий билимларнинг динамикаси, улар доирасининг кенгайиб бориши жараёни ҳамда Хоразм ёзувининг ривожланиши масалалари таҳлил қилинади. Мавзунинг долзарблиги Хоразм воҳасида исломга қадар амалий билимлар, илм-фан асосларининг ривожланиши ҳолатини тадқиқ этишни тақозо этади. Ушбу зарурият мазкур муаммонинг етарлича ўрганилмаганлиги билан белгиланади. Хоразмда антик давр ва илк ўрта асрларда астрономия, геометрия, математика каби фанларнинг шаклланишини, уларнинг тизимига доир аниқ тасаввурларнинг мавжудлигини ўрганишда археологик манбаларнинг мазмун-моҳияти таърифланади. Мақолада қадимий Хоразм ёзувининг давлатчилик тизими, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва маънавий маданиятни ўрганишда аҳамияти янгича ёндашувлар асосида ёритилади.
Беруний асарлари – туркий сулола тарихи бўйича муҳим манба
Мақолада Берунийнинг “Ҳиндистон”, “Минералогия” ва “Қонуни Маъсудий” асарларида келтирилган Кобул водийсидаги туркий сулола тарихига оид маълумотлар таҳлил қилинган.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Дивон луғат ат-турк” асари маълумотларидаги қадимги туркий унвонлар
Мазкур мақолада Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асаридаги қадимги турк давлатчилигига, шу жумладан унвонлар тизимига оид маълумотлар таҳлил этилган.
Жамшид Кошийнинг “Зижи Хоқоний” асари кимга бағишланган?
Мазкур мақолада илмда илк бор Жамшид Кошийнинг Самарқандга келиш вақти ҳамда "Зижи Хоқоний" асарининг кимга бағишлангани масаласи таҳлил қилинган. Мақолада олим 1413 йилда Самарқандга келгани илмий далиллар орқали ўз исботини топган. Шунингдек, "Зижи Хоқоний"нинг Шоҳрухга эмас, балки Мирзо Улуғбек кутубхонасига бағишлангани исботланган.
Шарқ қўлёзмалари каталогини тузиш учун Шарқ муаллифлари асарларини таснифлаш масаласи (тарихий мазмун мисолида)
Мазкур мақолада шарқшунослик соҳаси олдида турган муҳим вазифалардан бири – бой қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган қўлёзмалар каталогларини тайёрлаш ҳақида фикр юритилади.
Шарқ қўлёзмалари марказида сақланаётган тарихий ҳужжатлар коллекцияси: тадқиқотлар, ислоҳотлар ва келгуси вазифалар
Мақола Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланаётган тарихий ҳужжатлар коллекцияси ва унда олиб борилаётган тадқиқот лойиҳаларининг моҳиятига бағишланган. Шунингдек, тарихий манбаларни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш йўлида чиқарилган ҳукумат қарорларининг мазмуни ва унинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Термизлик алломалар илмий меросини ўрганиш масаласи
Мақола ўрта асрларда яшаб ижод этган термизлик олимларнинг илмфаннинг турли йўналишларида қолдирган илмий мероси ва бу мероснинг ўрганилиши масаласига бағишланган. Бу минтақадан етишиб чиққан олимлар гуманитар, шу жумладан, ислом илмлари билан бир қаторда, аниқ фанлар соҳасида ҳам самарали меҳнат қилиб, ўнлаб асарлар ёзганлар. Бу асарлар қўлёзмалари нусхалари жаҳоннинг турли мамлакатлари қўлёзмалар хазиналарида сақланади. Бу асарларни имкон даражасида аниқлаб, уларни ўрганиш ва нашр қилиб, халқимизга етказиш муҳим вазифа ҳисобланади.